Атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторинги

Атмосфера ҳавоси табиий ресурсларнинг таркибий қисми сифатида умуммиллий бойлик ҳисобланади ва давлат томонидан муҳофаза қилинади. Инсон сувсиз бир неча кун чидаши мумкин, овқатсиз ҳатто бир ой яшай олади, ҳавосиз эса бир неча дақиқагина яшайди.

Инсон саломатлигига зарарли таъсир кўрсатиши сабабли атмосфера ҳавосининг ифлосланиши ҳар доим ташвиш уйғотган. Ҳавонинг ифлосланиши инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиб, аллергия ва нафас олиш тизими касалликларини келтириб чиқарувчи сабаблардан бири ҳисобланади. Айнан шунинг учун биз нафас олаётган ҳавонинг сифатли бўлиши жуда муҳим. Деярли ҳар бир йирик шаҳар атмосферасида юқори миқдорда ифлослантирувчи моддалар кузатилади, улар экотизим ва аҳоли саломатлигига салбий таъсир этади.

Ҳавонинг таркиби вақт ва маконда ўзгариши мумкин. Буни атмосферага чиқариладиган ифлослантирувчи моддалар, об-ҳаво шароитлари, шунингдек, географик жойлашув белгилайди. Атмосфера ҳавосининг сифат ва миқдорий таркиби шаклланишида ҳам антропоген, ҳам табиий ифлосланиш манбалари катта роль ўйнайди.

Атмосфера ифлосланишининг табиий манбалари – вулқонлар отилиши, ўрмон ёнғинлари, чанг бўронлари, нураш жараёнлари, органик моддаларнинг чиришидир. Атмосфера ифлосланишининг антропоген манбаларига саноат ва иссиқлик энергетикаси корхоналари, транспорт, уйларни иситиш тизимлари, қишлоқ хўжалиги,  маиший чиқиндилар киради.

Хўжалик фаолияти натижасида энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, чиқиндиларни қайта ишлаш каби соҳаларда ҳавога ифлослантирувчи моддалар ёки кимёвий бирикмалар чиқарилади, улар турли кимёвий реакцияларга киришиб, атмосферада иккиламчи ифлосланишга олиб келади.

Урбанизация (шаҳарлашиш) жараёнларининг тезлашиши ҳам ҳаво ифлосланишининг кучайишига сезиларли таъсир кўрсатади. Бугун аҳолининг яримдан кўпи шаҳарларда яшайди, шаҳарлар бир томондан кўпинча ифлосланиш манбаи бўлса, бошқа томондан, айнан шу ерда ҳаво ифлосланишининг оқибатлари айниқса кучли сезилади.

Ҳавонинг ифлосланиши чегара билмайди – бир мамлакатдаги манбадан ҳавога чиқарилган ташланма бошқа, баъзида эса минглаб километр наридаги мамлакат ҳудудига ўтиши ва чўкиши мумкин.

Атмосфера табиий таркибининг инсон фаолияти натижасида рўй берган ўзгаришлари ҳавонинг ифлосланишига олиб келади, ушбу ифлосланиш кўламини фақат атмосфера ҳавосини мониторинг қилиш ёрдамида аниқлаш мумкин. Мониторингни ташкил қилиш ҳаво сифатини баҳолаш, унинг сифатини яхшилаш бўйича самарали чораларни режалаштириш учун жуда муҳимдир.

Атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторинги – атмосфера ҳавоси ифлосланишининг ўтган, ҳозирги ҳолатини баҳолаш ҳамда келажакдаги ҳолатини прогнозлаш мақсадида маълумот берувчи вақт ва макондаги доимий узоқ давом этадиган кузатувлар тизимидир.

Атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторинги ифлослантирувчи моддалар мавжудлигини қайд этиш ва уларнинг аномал концентрацияларини аниқлаш, шунингдек, атроф-муҳит ифлосланишини камайтириш ҳамда аҳоли саломатлигига зарарли таъсирни камайтириш бўйича тезкор чоралар қабул қилиш учун ифлослантириш манбаларини аниқлашга имкон беради.

Атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторинги атмосфера ҳавоси ҳолати устидан ишончли назоратни таъминлаб, авариявий вазиятлар юзага келиш эҳтимоли тўғрисида, одатда улар хавфли моддаларнинг оз миқдорда ажралиб чиқиши, оқиб кетиши ва ё парланишидан бошланади, олдиндан огоҳлантириш имконини беради. Штатдан ташқари вазиятлар юзага келганда ҳақиқий ҳолат тўғрисидаги маълумот оқибатларни бартараф этиш бўйича таъсирчан чоралар кўриш ҳамда аҳоли ва атроф-муҳитга зарарли таъсирни камайтириш имконини беради.

Ўзгидромет атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторинги қисмидаги фаолияти тўғрисида фаолият

Ўзгидромет атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторингини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 сентябрдаги №737-сон “Ўзбекистон Республикасида атроф табиий муҳитнинг давлат мониторинги тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 25 та шаҳардаги 63 та стационар кузатув пункти (Олмалиқ, Ангрен, Андижон, Бекобод, Бухоро, Гулистон, Денов, Қўқон, Когон, Қарши, Марғилон, Муборак, Навоий, Наманган, Нукус, Нуробод, Самарқанд, Сариосиё,Тошкент, Урганч, Фарғона, Чирчиқ, Шахрисабз, Янгийўл)да амалга оширади.  Кузатув пунктларида атмосфера ҳавосидаги 12 та ифлослантирувчи модда назорат қилинади.

Шаҳарда атмосфера ҳавоси сифатини мониторинг қилиш дастури бешта асосий ифлослантирувчи модда: чанг (қаттиқ муаллақ заррачалар), олтингугурт диоксиди, углерод оксиди (ис гази), азот диоксиди, азот оксидини ўз ичига олади. Саноат ажратмалари таркиби ва яқинда жойлашган шаҳарлар ва туташган ҳудудлар хусусиятларига қараб дастурий ўлчовларга бошқа моддалар (аммиак, фенол, формальдегид, озон, хлор, қаттиқ фторидлар, фторли водород, оғир металлар) қўшилади.

Атмосфера ҳавоси ҳолати устидан кузатувлар ҳар куни сутка давомида 3 марта (маҳаллий вақт билан соат 7:00, 13:00, 19:00 да) амалга оширилади. Ўзгидромет кузатув пунктларида ҳаво намуналари аспиратор усулида ҳавони Рихтер ютгичлари ва сорбцион найчалар орқали ўтказиб олинади ва марказнинг 17 та лабораториясида таҳлил қилинади.

Ўзгидрометнинг атмосфера ҳавоси ифлосланишини мониторинг қилиш постлари шартли равишда шаҳар “фон”- турар жой массивлари ичида, “саноат”- бевосита корхоналарга яқин, ва “авто” – автомобиль йўллари яқинидаги постларга ажратилади.

Ҳаводаги зарарли моддалар концентрацияси белгиланган давлат стандартлари ва қўлланмаларга мувофиқ аниқланади.