АИИ асосида тавсия қилинаётган эҳтиёт чоралар

Мамлакатимизда ҳам, хорижда ҳам аҳоли саломатлиги ҳолатининг турли омилларга боғлиқлиги юзасидан ўтказилган кўплаб тадқиқотлар атроф-муҳитнинг ифлосланиши аҳоли саломатлигига анча ноқулай таъсир кўрсатишини аниқ кўрсатди.

Инсон саломатлиги унинг ҳаёт шароитини баҳолашнинг асосий мезони ҳисобланади. Саломатлик – бу нафақат бирон бир касалликнинг йўқлиги, балки доимо ўзгариб борадиган ҳаёт шароитларига  мослашиш қобилияти ҳамдир. Бироқ соғлом инсон ҳам атроф-муҳит ўзгаришларига ҳар доим ҳам мослаша олмайди. Инсон саломатлигини тавсифлаш учун кўпинча аҳолининг касалланиши ва ўлими, ўртача умр давомийлиги кўрсаткичларидан фойдаланилади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳавони ифлослантирувчи олтита “классик” модда: углерод монооксиди, қўрғошин, азот диоксиди, муаллақ моддалар (шу жумладан, чанг, туман пардаси ва тутун), олтингугурт ангидриди ва тропосфера озонига эътибор қаратади.

Нафас олганда ютиладиган заррачалар ва газлар ўз хусусиятларига қараб нафас олий йўлларининг турли қисмларига зарар етказади. Газлар учун нисбий эрувчанлик, заррачалар учун эса уларнинг катталиги муҳимдир. Сувда яхши эрийдиган олтингугурт диоксиди  дастлаб юқори нафас олиш йўлларига таъсир кўрсатса, ўртача эрийдиган озон дастлаб нафас йўлларининг ўрта бўғинига, эрувчанлиги паст бўлган азот диоксиди эса дастлаб  нафас йўлларининг қуйи бўғинига таъсир кўрсатади.

Атмосфера ҳавоси ифлосланиш даражасига қараб тавсия қилинадиган эҳтиёт чоралари

Ифлосланиш даражаси

АИИ қиймати

Ранг

Тавсия қилинадиган эҳтиёт чоралари

паст

0 дан 5 гача

Одатдагидек тоза ҳавода бўлиш мумкин.
Боғлар ва дам олиш жойларида бўлиш ва сайр қилиш чекланмайди.

ошган

5 дан 7 гача

Болалар, кексалар ва нафас олишда ноқулайлик ҳис қиладиган таъсирчан одамлар очиқ ҳавода бўлишни қисқартиришлари,  шунингдек, очиқ ҳавода давомли ва жадал машқларни қисқартиришлари керак

юқори

7 дан 14 гача

Болалар, кексалар ва нафас олишда ноқулайлик ҳис қиладиган таъсирчан одамлар очиқ ҳавода бўлишни қисқартиришлари, шунингдек, очиқ ҳавода давомли ва жадал машқлар ўтказмасликлари керак.

Ноқулайликлар: кўзлар, томоқнинг оғришини ҳис қилган, йўтал тутган ҳар қандай одам очиқ ҳаводаги фаолликни қисқартириши керак.

жуда юқори

14 дан юқори

Болалар, кексалар ва нафас олишда ноқулайлик ҳис қиладиган таъсирчан одамлар очиқ ҳавога чиқмасликлари, оғир жисмоний иш қилмасликлари керак. Зиқнафасли одамлар ўз ҳолатларини енгиллаштириш учун ингаляторлардан фойдаланишлари керак.

Аҳоли умуман очиқ ҳаводаги фаолиятларини қисқартиришлари, хонадан ташқарига чиққанда ниқоб тақишлари керак.

Изоҳ

Атмосфера ҳавоси ифлосланиш индекси (АИИ) - бу атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражасининг интеграл кўрсаткичи бўлиб, у маълум ҳудудда энг кўп миқдорда мавжуд бўлган 5 та модда бўйича ҳисобланади ва модданинг хавф синфини эътиборга олади.