Стационар кузатув пунктларида ўлчанадиган асосий ифлослантирувчилар: азот оксиди (NO), азот диоксиди (NO2), олтингугурт диоксиди (SO2), углерод оксиди (СО), муаллақ заррачалар (чанг), шунингдек аммиак (NH3) ва озон (О3).
Азот оксиди (NO) – ҳидсиз, рангсиз газ, реакцияга тез киришиш қобилиятига эга, ўз ҳолича инсон учун хавфсиз, 3-хавфли синфга мансуб. Бироқ, қуёш ҳавони иситиши билан фотокимёвий оксидланиш натижасида азот оксиди анча хавфли бўлган азот диоксиди (NO2)га айланади.
Азот диоксиди (NO2) – қизғиш-қўнғир рангли, «тулки думи»ни ҳосил қилади, 2-хавфли синфга мансуб. Иссиқлик электростанциялари, саноат қурилмалари ва автомобиль двигателларида турли хил ёғилғи (табиий газ, кўмир, бензин, мазут)нинг юқори ҳароратда ёниш жараёнлари асосий антропоген манбалар ҳисобланади.
Азот диоксиди ва азот оксиди тропосферада қуёш радиацияси таъсирида рўй бераётган фотокимёвий жараёнларда муҳим роль ўйнайди, фотокимёвий смог, еролди озон ива формальдегиднинг юқори концентрациялари, шунингдек кислотали ёмғирлар ҳосил бўлишининг асосий сабаби ҳисобланади.
Азот оксидларининг инсонга таъсири ўпка ва бронхлар фаолиятининг бузилишига, нафас йўллари инфекцияларига таъсирчанликнинг ўсишига, зиқнафас хуружига олиб келади. Азот оксидларининг таъсирига кўпроқ болалар ва юрак-қон томир касалликлари билан оғриган катталар мойилдир.
Олтингугурт диоксиди, олтингугурт ангидрид (SO2) – рангсиз, ўзига хос ўткир ҳидли (ёнаётган гугурт ҳиди), 3-хавфли синфга мансуб. Қора ва рангли металлургия корхоналари, сопол, капролактам, линолеум, рубероид, қорақоғоз, пергамин, пенопласт, минерал толали плиталар ишлаб чиқариш корхоналари ташланмалари; озиқ-овқат, тўқимачилик ва қоғоз саноати, шунингдек, иссиқлик энергетикаси корхоналари – иссиқлик электростанциялари (ТЭЦ, ГРЭС, қозонхоналар) ташланмаларида таркибида бор.
Рухсат этилган меъёрдан юқори концентрациядаги олтингугурт диоксиди таъсири турли хил нафас йўллари касалликларининг ортишига олиб келиши, шиллиқ пардаларга таъсир кўрсатиши, томоқ-бурун яллиғланиши, бронхитлар, йўтал, томоқ бўғилиши ва оғришини келтириб чиқариши мумкин. Айниқса нафас органларининг сурункали бузилишлари кузатиладиган, зиқнафасли одамлар олтингугурт диоксидига ўта таъсирчандир.
Олтингугурт диоксидининг юқори концентрациялари ўсимликларнинг жиддий шикастланишига олиб келади. Олтингугурт диоксиди етказган жиддий зарар кенг баргли ўсимликлар (айниқса исмалоқ, салат, ғўза, беда), шунингдек қарағай игналарида оқимтир доғлар пайдо бўлишида намоён бўлади. SO2 нинг тупроққа таъсири унинг унумдорлигини пасайтиради, чунки бунда ачиш рўй беради. Олтингугурт диоксиди бўлса, ҳавода металлар коррозияси тезлашади.
Углерод оксиди (СО) – рангсиз, ҳидсиз газ, “ис гази” номи билан ҳам таниш. 4-хавфли синфга мансуб.
Углерод оксиди кислород етишмаслиги шароитларида ва паст ҳароратларда қазилма ёқилғи (кўмир, газ, нефть)нинг тўлиқ ёнмаслиги натижасида ҳосил бўлади.
Углерод оксиди ташланмаларининг 65%и транспорт, 21%и майда истеъмолчилар ва маиший сектор, 14%и саноатга тўғри келади. Экстремал концентрациялар кўпинча атроф-муҳитга антропоген юклама юқори – транспорт тиқилинч, ёки смог ҳосил бўлишига олиб келувчи инверсиялар (яъни кучсиз ҳаво алмашинуви шароитлари) бўлган ҳудудларда кузатилади.
Нафас олганда ис гази инсон қонидаги гемоглобин билан мустаҳкам комплекс бирикмалар ҳосил қилади ва бу билан қонга кислород келишини тўсиб қўяди. Бу бош оғриғи, кўнгил айниши, юқори концентрацияларда эса ўлимга олиб келади.
Аммиак (NH3) – ўзига хос ўткир ҳид (нашатир спирти хиди) га эга рангсиз газ. 4-хавфли синфга мансуб. Табиатда таркибида азот бўлган органик бирикмалар чириганда ҳосил бўлади.
Сувсиз газсимон аммиак ҳаводан енгил, шунинг учун юқорига кўтарилади, натижада умуман у тарқалаиб кетади ва пастликда тўпланмайди. Юқори нисбий намликда аммиак ҳаводан оғир буғланишни шакллантиради. Бу буғланиш ер устида ёки пастлик устида тўпланади.
Саноатда ишлаб чиқарилган аммиакнинг 80%и қишлоқ хўжалигида ўғит сифатида фойдаланилади. Аммиакдан шунингдек совитиш қурилмаларида, пластик, портловчи моддалар, тўқимачилик, пестицидлар, бўёқ моддалар ишлаб чиқаришда фойдаланилади. У кўпчилик маиший ва саноат ювиш эритмалари таркибида мавжуд. Аммиакли маиший воситалар 5-10 %ли аммиак қўшиб тайёрланади, саноат эритмаларида аммиак концентрацияси юқори – 25% дир, шунинг учун у ўткир.
Ҳаводаги аммиакнинг юқори концентрацияси бурун, томоқ ва нафас олиш йўлларининг ачишига олиб келади. Бу нафас йўлларининг шикастланишига сабаб бўлиши мумкин. Паст концентрацияли аммиак билан нафас олиш йўтал, бурун ва томоқнинг қичишишини келтириб чиқаради. Аммиакнинг ҳиди унинг мавжудлиги ҳақида эрта огоҳлантиради, аммо шу билан бирга у ҳид сезиш қобилиятини сусайтиради, бу эса унинг ҳаводаги паст концентрацияларини сезиш имкониятини камайтиради.
Аммиак тери, кўз, оғиз, нафас йўллари юзасидаги нам билан алоқага киришиши билан ўзаро ҳаракатни бошлайди ва кимёвий куйишни келтириб чиқариши мумкин.
Озон (О3) – ҳам атмосферанинг юқори қатламлари, ҳам Ер сатҳида мавжуд бўлган газдир, 1-хавфли синфга мансуб.
Озон атмосферада жойлашишига қараб атроф муҳит ва инсон саломатлиги учун «яхши» ва «ёмон» бўлиши мумкин. Стратосферадаги озон Ердаги ҳаётни Қуёшнинг зарарли ультрабинафша нурларидан ҳимоя қилади. Тропосферадаги озон эса ҳавони ифлослантирувчи ҳисобланади, у шаҳар смогининг асосий компоненти бўлиб, нафас олиш учун зарарлидир.
Еролди (тропосфера) озони қуёш нурланиши таъсиридаги кимёвий реакция натижасида ҳосил бўлади. Йилнинг иссиқ даврида озоннинг юқори концентрациялари ҳосил бўлиш эҳтимоли юқори. Озон билан нафас олиш йўтал, ҳансираш, нафас йўллари қичишини келтириб чиқариши мумкин. Озонга айниқса болалар ва кексалар таъсирчан, у шунингдек, ўпка касалликлари бор одамлар учун ҳам хавфлидир.
Муаллақ заррачалар (чанг) – атмосфера ҳавосининг кенг тарқалган ифлослантирувчиси, муаллақ ҳолатдаги қаттиқ ва суюқ заррачалар аралашмасидан иборат. Муаллақ заррачалар PM10 ва PM2,5 майда дисперс заррачаларни ўз ичига олади.
PM10 ва PM2,5 майдадисперс заррачалар – катталиги 10 мкм дан кичик - PM10 ва 2,5 мкм дан кичик - PM2,5 ҳавода муаллақ турган, қурилиш, ишлаб чиқариш (айниқса цемент, сопол, ғишт ва бош.), йўл қоплами эрозияси ҳамда тормоз колодкалари ва шиналари емирилиши, қаттиқ ёғилғи турларини ёқишдан ҳосил бўлган қаттиқ микрозаррачалардир.
Йирик шаҳарда PM2,5 ҳавода ҳар доим бўлади ва инсон ҳар қандай ҳолатда ҳам у билан нафас олади. Агар кундан кунга инсон организмига бу заррачалар кўп миқдорда тушиб, чиқишга улгурмаса, улар организмда тўпланади. PM2,5 нинг асосий хавфи унинг концентрацияси кескин ўзгаришида эмас, балки бу заррачаларнинг организмга сурункали таъсир этишидадир. PM2,5 билан «заҳарланиш» аломатлари яққол намоён бўлмайди. Бир кунда шаҳарда яшовчи ўртача статистик одам 200 миллиард PM2,5 зарраларини ютади. Уларнинг ярми ўпкада ўтириб қолади. Бир марталик бундай доза жиддий оқибатларга олиб келмайди. Бироқ вақт ўтиши билан организмдаги PM2,5 миқдори критик даражадан ошади ва бу респиратор ва юрак-қон томир касалликларининг ўсиши, масалан зиқнафасда ҳолатнинг ёмонлашиши, нафас йўллари касалликлари, юрак-қон томир, респиратор ҳамда саратон касалликлари оқибатида ўлимнинг ортишига олиб келади.