Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 2019 йилда тупроқларнинг қишлоқ хўжалиги ва саноат токсикантлари (заҳарли моддалари) билан ифлосланиш ҳолати
2019 йилда республикада тупроқ ифлосланиши ҳолати устидан кузатувлар Қорақалпоғистон Республикаси ва 12 та вилоятдаги қишлоқ хўжалик майдонларидаги 261 та намуна олиш пунктида, шунингдек, Андижон, Бекобод ва Наманган шаҳарлари атрофидаги 90 та пунктда олиб борилган.
Тупроқдаги ифлослантирувчи моддалар рухсат этилган концентрациялари (РЭК) қийматлари асосий сифат мезонлари ҳисобланади.
2019 йилда Ўзгидромет фаолияти ҳудудидаги қишлоқ хўжалик майдонларидан олинган тупроқ намуналарини таҳлил қилиш натижаларига кўра ДДТ (дихлордифенилтрихлорметилметан) йиғиндисининг қолдиқ миқдорлари (ҚМ) билан ўртача ифлосланиш даражаси 0,57 РЭКни ташкил қилди. ДДТ йиғиндисининг қолдиқ миқдорлари (ҚМ) билан энг юқори ифлосланиш даражаси -1,55 РЭК Андижон вилоятида кузатилган.
ДДТ йиғиндисининг 1 РЭКдан юқори ҚМ ўртача муаллақ концентрациялари Фарғона вилоятида кузатилган – 1,32 РЭКни ташкил қилган.
Тупроқнинг ГХЦГ (гексахлорциклогексан) йиғиндисининг ҚМ билан ўртача ифлосланиш даражаси 0,01 РЭКдан камни ташкил қилган. РЭК дан юқори бўлган ҳолатлар кузатилмаган.
Инсектицидлар, гербицидлар ва дефолиантлар мавжудлигини аниқлаш учун Навоий, Сирдарё ва Тошкент вилоятларидаги тупроқлар текширилган. Текширилган вилоятлар тупроқларида фозалон, фосфамид, далапон ва трефланнинг қолдиқ миқдорлари топилмаган ёки уларнинг изи топилган.
Тупроқларни саноат токсикантларига текшириш асосий ифлослантирувчилар Андижон шаҳри учун - миснинг кислотада эрувчан шакли, маргимуш, сульфатлар; Бекобод шаҳри учун – аммиакли азот, нефть маҳсулотлари ва сульфатлар; Наманган шаҳри учун - миснинг кислотада эрувчан шакли ва рух, нефть маҳсулотлари ва сульфатлар эканини кўрсатди.
Андижон, Бекобод ва Наманган шаҳарлари атрофида текширилган тупроқлар таркибидаги нитратли азот, миснинг ҳаракатчан шакллари, қўрғошин ва рух, маргимуш ва симобнинг ўртача қийматлари РЭКдан ошмаган. Экстремал юқори ифлосланиш кузатилмаган.