Атмосфера ҳавосининг ифлосланиш муаммоси долзарб муаммога айланиб бормоқда

Атмосфера ҳавосининг ифлосланиш муаммоси долзарб муаммога айланиб бормоқда. Узоқ вақт давомида ёғингарчиликнинг йўқлиги, кучсиз шамоллар, ҳароратнинг инверсияси атмосфера ҳавосининг турғунлигига имкон беради, бу эса ифлослантирувчи моддаларнинг тўпланиши учун шароит яратади.

Республикамизда ҳавонинг чанг билан ифлосланиши нафақат табиий хусусиятлар (қуруқ иқлим, қумли ва қумлоқ тупроқлар), балки антропоген ифлосланиш (автомобил чиқиндилари, саноат, қурилиш, иссиқлик электр станциялари) билан ҳам боғлиқ.

Шаҳардаги атмосфера бўшлиғининг паст шамоллатилиши, шаҳар транспортининг кўплиги, йўлларнинг тирбандлиги, кенг кўламли қурилишлар, шунингдек, дарахтларни кесиш, майсазорлар ва магистрал йўлларнинг кенг кўламда суғорилишининг мавжуд эмаслиги - буларнинг барчаси метеорологик шароитлар ва антропоген юкланишга, ҳавонинг юқори ифлосланишига олиб келади.

Охирги кунларда кечки ва тунги вақтда Тошкент шаҳрида ҳавонинг юқори даражада ифлосланиши кузатилмоқда. Ҳарорат инверсияси туфайли кечқурун ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши атмосфера ҳавосининг турғунлигига имкон беради, ҳавода ифлослантирувчи моддаларнинг тўпланиши учун шароит яратади.

15 октябрь соат 23:00 да 170C ҳаво ҳароратида РМ2,5 майда дисперсли заррачалар концентратцияси 62 мкг/м3 ни ташкил этди. Ҳарорат кўтарилиши билан ҳавонинг ифлосланиши камаяди.

Шаҳарда узоқ вақт давомида ёғингарчилик камлиги ва катта антропоген юк туфайли автомобил йўлларига сув сепиш ва тозалаш, қурилиш объектларида чангни камайтириш чораларига, чиқиндиларни ўз вақтида йиғиш масалаларига кўпроқ эътибор қаратиш лозим. Тошкент шаҳрида ҳаво сифатини яхшилаш мақсадида шаҳарни кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш бўйича кўпроқ тадбирлар амалга оширилиши керак.

Тошкент шаҳрида ҳавонинг РМ2.5/РМ10 майда дисперсли заррачалар билан ифлосланиш даражаси тўғрисидаги маълумот Ўзгидрометнинг    monitoring.meteo.uz  ва халқаро IQAir сайтида эълон қилинади.